Навоий меъроси турли миллат ёшлари ижросида эсланди

9 февраль куни буюк бобокалонимиз шоир, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий таваллуд топган кунига 580 йил тўлганлиги муносабати билан Бруклин шаҳрида тадбир ўтказилди.

Тадбирни Нью Йоркда таҳсил олаётган ва истиқомат қилаётган ёшлар ташаббуси билан ўтказилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг Нью Йоркдаги консули Қаҳрамон Далимов ҳам иштирок этиб ёшларни қўллаб – қувватлади.

Ташаббускорларнинг асосий мақсади Алишер Навоийнинг ижодий ва ҳаётий фаолиятини ёшлар ва тенгдошлар орасида тарғиб қилиш, ўзбек тили ва маданиятини чет элда таништириш ва ватандошлар орасида миллий ғурур ва қадриятларга эътиборни кучайтиришдан иборат бўлди.

Тадбир фаоллари ва ташаббускорлари Моҳинур Абдуллаева бошчилигидаги Нью-Йорк шаҳридаги, Мидвоод мактабининг ўқувчилари ҳисобланади. Моҳинур бошчилигидаги “Маданий турфа хиллик” клубининг аъзолари ушбу тадбирни қизиқарли бадиий чиқишлар билан ўтказишди.

“Ушбу клубнинг асосий мақсади турли хил мамлакатлар тарихи, маданияти, дини ва меъморчилигини ўрганиш ва тарғиб қилишдан иборат” – дейди Моҳинур Абдуллаева.