Марказий разведка бошқармаси ҳисоботи: Саудия валиаҳд шаҳзодаси Қошиқчини ҳибсга олиш ёки ўлдириш бўйича операцияни маъқуллаган


Жума куни АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти 2018 йилда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилиши тўғрисида махфий маълумотни эълон қилди.

АҚШ разведкасининг Қошиқчи ўлдирилиши тўғрисидаги ҳисоботида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон саудиялик журналистни ҳибсга олиш ёки ўлдириш жараёнини маъқуллаганлиги айтилган.

“Бизнинг тахминимизча, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Туркиянинг Истанбул шаҳрида саудиялик журналист Жамол Қошиқчини ҳибсга олиш ёки ўлдириш бўйича операцияни маъқуллаган”, – дейилади хабарнинг қисқача мазмунида.

Байден маъмурияти махфийлаштирилмаган ҳисоботни жамоатчиликка эълон қилишдан олдин Конгрессга тақдим этди.

Ҳисобот Конгресс томонидан тайёрланган. Бу АҚШ президенти Жо Байден ва Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ал Сауд пайшанба куни телефон орқали гаплашганидан кейин содир бўлди.

Унда айтилишича, шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Саудия разведкаси ва хавфсизлик аппарати устидан “мутлақо назорат қилади”, демак, Қошиқчини нишонга олиш учун бундай операция унинг рухсатисиз амалга оширилмас эди.

“2017 йилдан валиаҳд шаҳзода қиролликнинг хавфсизлик ва разведка хизматлари устидан тўлиқ назоратни қўлга олди, шу сабабли Саудия Арабистони амалдорлари валиаҳд шаҳзоданинг рухсатисиз бундай операцияни амалга ошириши эҳтимолдан йироқ”, дейилади ҳисоботда.