Совуқ урушга чек қўйишда ҳал қилувчи рол ўйнаган Жорж Шулц 100 ёшида вафот этди

Шулц фахрий аъзоси бўлган Ҳувер институтига кўра, АҚШ собиқ давлат котиби Жорж Шулц якшанба куни 100 ёшида вафот этди.

Институт ўз баёнотида Шулцни (1982 йил июлидан 1989 йил январигача АҚШ ташқи ишлар вазирлигини бошқарган) “барча замонларнинг энг изчил сиёсатчиларидан бири” деб таърифлаган ва унинг учта Америка президенти билан ишлаганлигини таъкидлаган.

Шунингдек, баёнотда айтилишича, Шулц ўз фаолияти давомида ташқи ишлар, молия, меҳнат вазирликлари ва бюджетни бошқариш идораларида ишлаган. “У бизнинг тарихимиздаги энг нуфузли ташқи ишлар вазирларидан бири сифатида бизнинг хотирамизда қолади. У ва Президент Рейган тарихни дипломатик йўллар билан ўзгартириб, Совуқ урушга чек қўйишда ҳал қилувчи рол ўйнаган”, дейилади баёнотда.

Шулц ўтган йил декабрида ўзининг юз йиллигини нишонлади. Совет Иттифоқининг сўнгги президенти Михаил Горбачёв табрик телеграммасида уларнинг кўп йиллик биргаликдаги фаолияти Совуқ урушни тўхтатиш учун жуда муҳим бўлганлигини билдирди.