Туркияда коронавируснинг иккита Жанубий Африка ва битта Бразилия штаммлари аниқланди

Туркияда пандемия сабабли карантин чоралари ҳали ҳам қатъий тартибда сақланиб турибди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёт чораларини амалга ошириб келмоқда.

Коронавируснинг британча штаммидан ташқари бошқа штаммлари ҳам аниқланганлиги ҳақида Туркия Соғлиқни сақлаш вазири хабар берди.

«Хавфли мутациялар чегараларни билмасдан тарқалмоқда. Мамлакатимизда инглиз мутациясига учраган ҳолатлар сони 196 тани ташкил этди. Шунингдек, иккита Жанубий Африка ва битта Бразилия штаммлари аниқланди. Ҳозирги кунда янги мутациялар пайдо бўлиб, касаллик билан касалланганлар сони яна кўпайиб бораётган пайтда биз чораларимиздан воз кечмасдан курашимизни давом эттирамиз», – деб ёзди Твиттерда Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари.