Мянма армияси ҳокимиятни роҳинжаларга қарши “ваҳшийлик” да айбланган генералга топширди

Мянма ҳарбийлари армия қўмондони Мин Аун Хлайн вақтинчалик президент этиб тайинланганини эълон қилди, чунки фуқаролик лидери Сан Су Чжи ва бошқа юқори лавозимли шахслар душанба куни эрталаб содир бўлган давлат тўнтаришида ҳибсга олинган.

Армия бир йил давомида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва ҳарбий телеканалда эълон қилинган баёнотда ушбу қадам мамлакат “барқарорлигини” сақлаб қолиш учун зарурлигини таъкидлади. У сайлов комиссиясини содир бўлган “катта қонунбузарликларни” кўриб чиқмаганликда айблади. Сан Су Чжи ноябрдаги қонунчилик сайловлари пайтида кўпчилик овоз билан ғолиб чиққан эди.

Мин Аун Хлайн Мянма армиясининг яна уч раҳбари билан биргаликда, мамлакатдаги роҳинжа мусулмон озчилигига қарши “инсон ҳуқуқларини жиддий бузилишларига алоқадорлиги” учун 2019 йил декабридан бери АҚШ санкциялар рўйхатига киритилган.

Мянма ҳарбийларига қарши бир нечта даъволар ҳалигача халқаро судлар, шу жумладан, Халқаро судда кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, 2019 йилда БМТ терговчилари дунё раҳбарларини Мянма армияси билан иш олиб борадиган компанияларга қарши мақсадли молиявий санкцияларни қўллашни талаб қилдилар.

2017 йилда Мянма армияси томонидан бошланган кампания 730 мингдан зиёд роҳинжа мусулмонларининг Бангладешга қочишига олиб келди. БМТ терговчиларининг таъкидлашича, қотиллик, зўрлаш ва ўт қўйишни ўз ичига олган Мянмадаги операция “геноцид” ниятида амалга оширилган.

Мянма ҳукумати ушбу шафқатсизликни рад этиб, Ракхайн штатининг шимолидаги ҳарбий кампанияси роҳинжа жангариларининг ҳужумларига жавоб эканлигини таъкидлайди.