Замон сенга боқмаса, сен замонага боқ

I-Бўлим. Истило – Истиқлол

Халқимиз ўтмишига назар солсак, истиқлол учун кураш, бирор босқичда қолиб кетмаганлигини кўрсак бўлади. Мустақилликни бизга ҳеч ким шунчаки совға қилиб бериб қўймади.

Истиқлолчилик ҳаракати Марказий Осиё ҳудудида ҳеч қачон тўхтамаган. Ҳарбий ҳаракатлар, қонли тўқнашувлар, ғоявий-сиёсий ва ижтимоий-маданий мужодала 1991 йилгача — ўзбек халқи давлатчилигини қайта тиклагунига қадар давом этди.

Бундан 30 йил олдин, маҳаллий халқ зиёлилари томонидан бошлатилган истиқлолчилик ҳаракати натижасида эришилган, халқимизнинг 150 йиллик орзу ва армони бўлмиш мустақил давлат барпо қилиш жараёни дунё сиёсий харитасида Ўзбекистон Республикаси номидаги давлат пайдо бўлишига олиб келди.

Қуллик ва қарамликни эндигина бошидан улоқтириб ташлаган жамият учун янгиликларга эришиш осонликча кечмайди.

Кечагина “темир парда” ёхуд “совет иттифоқи” дея аталмиш қафас ичида ўтирган беайб маҳкумлар, тақдири беаёв ўйинчоқ қилинган, руҳи мажақланиб, умидлари сабабсиз сўндирилган, ўтмишдаги қирғинлар ва қатағонларда юрагини олдириб қўйган, эзилган, урилган ва камситилган бечоралар, секинлик билан бўлсада миллат сифатида уйғониб, қарийб 30 йилдан бери ўзлигини қайта таниб олиш билан овора.

Инсонлар тақдирини фожиалар билан расво қилувчи мафкуравий босим остида чекланиб яшаган халқнинг онгида ўзининг миллий тарихи билан боғлиқ масалаларни жонлантириш жуда мураккаб жараён.

Бир ярим аср давомида қўрқитиб-эзиб келинган маҳаллий халқнинг ичидаги “индамаслар” эндигина ҳуррият ҳавосидан нафас олиш учун қафаслар туйнугидан ташқарига мўралаб, кечаги кишанларини ечиш билан банд бўлаётганда, эътиборсизлик ва диққатсизлик қилиб, ҳар хил сиёсий кучларнинг таъсирига тушиб қолиши мумкинлиги тарихдан маълум.

Эски тизим чўкиб, бартараф бўлаётган маҳалда, бошқа давлатнинг ва бошқа миллатнинг манфаатлари ва ўз жиғилдони билан қорнининг ғамида юрган ташқаридан бошқарилувчи эски тизим зодагонлари орасида, худди ўлим арафасидаги талвасага ўхшаган жараён бошланиб кетади.

Замонавий дунёнинг ривожланган давлатларида бўлаётган тараққиётга назар солиш, улардан ўрнак олиш, янгича сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни амалга ошириш жараёни Ўзбекистонда жуда оғир кечаётган бўлсада, энг муҳими оддий халқ ҳам тараққиёт сари ҳаракатланиб, жамиятда ўз сўзини очиқ айта олиш шарафига муяссар бўлмоқда.

Негадир ҳозирги янгиланиш жараёнига тиш-тирноғи билан қарши турадиганлар, ҳамишагидай мозийда қолган эски тизимни бошқарган, ҳозирги кунда отдан тушса ҳам, эгардан тушгиси келмай ўтирган, маҳаллий халқдан чиққан эски мансабдорлар бўлиб келмоқда.

Айнан эски давлат бошқарув тизимини янгилай олмаган унсурларнинг ҳар хил саботажлари, зиддият ва қаршиликлари натижасида жамият ривожланиши жараёнидаги даврдан даврга ўтиш муддати бир нечта маҳалларга бўлиниб, анча йилларга чўзилиб кетиш эҳтимоли бор.

Давлатчилигини йўқотиб, бошқа миллатнинг давлати томонидан мустамлака қилинган вазиятдаги жамият худди касал бўлган инсонга менгзайди.

Наслдан наслга Оила, Ватан ва Юрт тушунчаларини узлуксиз давом эттиришни таъминлай олмай, бошқа давлатнинг миллий тилини ва маданиятини хўш хўшлаб, ўзлигини инкор қиладиган жамият таназзул ва инқироз натижасида бедаво касалга чалинган инсондек борлиғини тугатиши муқаррар.

Оддий халқ, ўз Ватанида содир бўлаётган ижтимоий сиёсий жараённинг бошқарувчиси эмас, ҳақсиз ижрочисига айланиб онгсиз, мафкурасиз оломонга айлана бошлаган даврда, жамиятда ҳар хил тоифадаги гуруҳбозликлар бошланиб, бир бирига қарама қарши бўлган қутблар ўзларининг асл башараларини кўрсатиб бошлайди.

Ҳукмронлиги бекор қилинган эски тизим амалдорлари ва содиқ хизматкорлари маҳаллий халқнинг ичидан чиққан бўлсада, ҳаётда миллий ғурур, шахсий ор, оилавий номус каби фазилатларга эътибор қилмайдиган, оддий халқдан узоқлашиб, бегоналашган инсонлар мажмуаси сифатида жамиятда ўз ўрнига эга бўлган зодагонлар сифатида қайта гавдалана бошлайди.

Эски тизимда суяги қотган амалдорлар, асосан, қуда-андачилик ва таниш-билишчилик ришталари билан боғланган тўдаларга бирикиб, тўйлар, йиғинлар, ишхонадаги мажлисларда кўришиб, ёнма ён ўтириб бир бирига яқин мажмуадошларга айланади.

Юрти босиб олиниб, қарам аҳволда ҳаёт кечираётган маҳаллий халқнинг миллий мансубиятига тегишли тарих, тил-адабиёт ва маданият чоризм мустамлакачилиги даврида ҳам, кейинчалик мустабид совет тузими даврида ҳам саводсиз, камбағал, касал ва хўрланиб эзилган оломоннинг хом хаёллари сифатида баҳоланган.

Натижада, жамиятимиз онгида ҳар хил антагонизмлар, тенденциялар ва протест потенциалга тўлиб тошган гуруҳбозлар мамлакат ичкарисида ғалаёнлар пайдо бўлишига васила бўлиб келган.

Дунёдаги барча ривожланган давлатлар ўтмишида, хусусан мустамлакадан кеча қутилган миллатлар тақдирида ҳам инсонлар ўртасида тушунмовчиликлар чиқарувчи энг катта омил ижтимоий тенгсизлик эканлиги тарихий ҳужжатлар билан тасдиқланиб келинмоқда.

Ўзлиги, миллий ғурури, нафсонияти оёқ ости қилинган, номуси билан қўшилиб онги ҳам жароҳатланган мазлумлар яхлит бир миллат тушунчасини эндигина қайта идрок этиб, бир халқ бўлиб яшашни амалда ўргана бошлаганида улар ўртасида ҳар хил зиддиятлар ва келишмовчиликлар чиқаришга уринадиган найрангбозлар кўпайиши тарихдан маълум.

Афсуски, жамиятимизда ҳали ҳам кишанларни ташлашни уддасидан чиқа олмай, эски қуллигини қумсайдиганлар топилиб туради.

Ҳозирги кунда эскириб қолган совет тушунчаси ҳам бир пайтлар илғор фикрларга жиққа тўлган мафкуравий ғоя бўлган.

Биз миллат сифатида ўзимизнинг давлатчилик тамойилларимиз билан бирга миллий онгимизни ҳам қайта тиклай оламизми ёки бошқа миллатнинг тилига, сиёсий мароқларига хизмат қилиб, яна Россия Федерациясининг геополитик ўйинлари таъсиридан чиқа олмай, қарам давлат мақомида борлиғимизни давом этамизми, деган савол барчамизни аввал ҳам, ҳозир ҳам қийнаб келмоқда. Айнан мана шу масала долзарблигини йўқотмасдан, ҳали ҳам бошимиз узра кўтарилган шамширдек турибди!

Таъкидлаш жоизки, чор Россияси давридаги мустамлакачиликка асосланган бошқарув тизимида ҳам, советлар мустабидлиги даврда ҳам, ҳаттоки бугунги замонавий дунёмизда ҳам жон жаҳди билан Россия Федерациясининг геосиёсатига хайрхоҳ жамоа яратиш билан овора бўлиб юрган корчалонлар ўрис тилини, христиан динини, маданий жиҳатдан ўрисча ҳаёт яшаш тарзини тарғиб қилиш каби ишларни асосан маҳаллий халқлардан чиққан зодагонлар билан тил бириктирган ҳолда амалга ошириб келмоқда.

Бундай вазиятда ташкил қилинган ҳукумат ичида эски тизим тарафдорлари бўлиши аниқ. Бу аҳволни кўрмаслик учун сўқир бўлиш керак ёки анқов бўлиш керак.

Буюк жамоат ва сиёсат арбоби, Ҳиндистон озодлик ҳаракатининг етакчи бошлиқларидан бири Маҳатма Гандининг “Мустамлакачилар тарбиялаган элита – ўз халқининг асосий душманидир”, деганда шуни назарда тутган. Гандининг қанчалик ҳақлиги мустамлакачиликдан қутилган барча халқлар тақдирида ўз исботини топмоқда.

Ҳозирги замонавий дунёмизда, ҳали ҳам орамизда ўз миллатига, ўз тилига ва ўз халқининг тарихига ҳурматсизлик билан ёндашадиган нусхалар бемалол кирдикорларини намоён қилиб келмоқда.

Ҳар хил иғволар ва фитналар оқибатида инсонлар ҳаётига фожиалар олиб келаётганлар ҳам йўқ эмас.

Табиатда йиртқич ҳайвонлар овқат учун бошқа ҳайвонларга ов қилади.

Лекин ҳайвон, ўзининг туридаги ҳайвонни ўлдирмайди ёки ейиш учун унга ов қилмайди. Жуда нодир вазиятларда ҳайвонлар ўз туридаги ҳайвонни ўлдиришга мажбур бўлар экан.

Бу ҳодиса, ҳайвонот оламида деярли кузатилмайди. Лекин, жонзотлар ичида ўз туридан бўлганларни энг кўп ўлдирадиган махлуқ бу инсондир.

Инсоният тарихидан маълумки ибтидоий одамлар орасида одамхўрлик анча минг йиллар олдин бўлганлиги қадимшунос (археолог) олимлар томонидан исботланган ва илмда бунга етарлича далиллар мавжуд.

Балки ибтидоий жамиятда одамхўрлик бўлгандир. Лекин ҳозирги замонда одам одамни гўштини истеъмол қилмасада, шунга қарамай, охирги йилларда ўзимизнинг ўзбеклар ҳар хил жанжаллар, фитна ва иғволар йўли билан бирин бири худди овдаги ҳайвонлардек қириб келмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, мустамлакачилик, большевизм қатағонлари, оммавий қирғинлар ва қатлиомларнинг даҳшатларини кўрган маданиятли одамлар бир қарашда ҳар кимнинг ор-номусини ва қадр-қимматини унинг ирқий, конфессионал, этник ва бошқа дахлдорлигидан қатъий назар ҳурмат қилишни ўргангандай, аммо, таассуфки, «тарихий ҳақиқат»ни тиклаш баҳонасида ихтилофлар ва ҳар хил можаролар уруғини сочаётганлар бор.

Бу масала ҳақида фикр юритар эканмиз, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг фалсафий мисраларини эсга олиб, унинг тафаккур даҳосига таажжубланиб, ҳайратланишдан бошқа чорамиз йўқ эканлигини англаймиз:

Одам бор-ки одамларнинг нақшидур,
Одам бор-ки ҳайвон ундан яхшидур.

Шуҳрат БАРЛАС Саламов,
«EURASIA DIARY» ахборот агентлигининг
Марказий Осиё бўйича махсус мухбири