Байден: Мен Си Цзин Пинга Хитой билан тўқнаш келмоқчи эмаслигимизни айтдим

АҚШ президенти Жо Байден Хитой раҳбари Си Цзин Пинга Америка Қўшма Штатлари Пекин билан қарама-қаршиликка интилмаётганини таъкидлаганини айтди.

Байден пайшанба куни ўтказилган матбуот анжумани чоғида Қўшма Штатлар Хитойнинг адолатли рақобат ва адолатли савдога нисбатан халқаро қоидаларга риоя қилишини талаб қилаётганини маълум қилди.

Байден таъкидлашича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Хитойни Тайван масалалари, Жанубий Хитой денгизидаги фаолияти ёки бошқа ҳар қандай масалаларда қоидаларга риоя қилишга мажбур қилиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Байден Хитой президенти Си Цзин Пинни яхши билишини ва у президент Барак Обама маъмуриятидаги фаолияти давомида у билан бирга иш олиб борганини айтиб, шундай деди: “Эҳтимол мен у билан бошқа раҳбарлардан кўра кўпроқ вақт ўтказганман”.

Байден Хитой президентини “демократ эмас, лекин у жуда ақлли одам” деб таърифлаган.

У Хитой билан рақобатлашишда муваффақиятли бўлиш учун унинг мамлакати илмий соҳага сармояларни кўпайтириши кераклигини таъкидлаб, Хитой сармоялаш соҳасида АҚШдан анча олдинда эканлигини таъкидлади.