Байден Хитой ва Эрон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик битимидан хавотирда эканлигини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден Хитой ва Эрон имзолаган кенг қамровли стратегик ҳамкорлик келишувидан хавотир билдирди.

Журналистнинг Хитой ва Эрон ўртасидаги шериклик ҳақидаги саволига Байден: “Мен бу ҳақда кўп йиллар давомида хавотирланиб келдим”, деди.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ва хитойлик ҳамкасби Ван И яқинда икки мамлакат ўртасида қўшма стратегик ҳамкорлик шартномасини имзоладилар.

Ван Ининг Теҳронга ташрифи чоғида икки вазир томонидан имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битимга сиёсий, иқтисодий ва техник соҳалардаги ҳамкорлик, шунингдек, мудофаа ва ҳарбий ҳамкорлик, шу жумладан, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш киради.

25 йил муддатга имзоланган битимга Эрон аэропортлари ва портларини ривожлантириш, янги портларни қуриш, Эронда темир йўлларни ривожлантириш ва инфратузилмани мустаҳкамлаш ҳамда энергетика, нефт ва нефт-кимё соҳаларида ҳамкорлик киради.

Маълум қилинишича, ҳужжатда Эронга 400 миллиард долларлик Хитой сармояларини киритиш кўзда тутилган.