Эстония “АстраЗенека” вакцинасини олган 486 кишида ножўя таъсир кузатилди 

Эстониядаги соғлиқни сақлаш идоралари мамлакатда Коронага қарши инглиз-швед компанияси “АстраЗенека” вакцинасини олган 486 кишида ножўя таъсирлар қайд этилганлигини эълон қилди.

Жамият соғлиғини сақлаш департаменти ўз баёнотида коронавирусга қарши эмлашлардан сўнг ёндош таъсирга учраган 530 та ҳолат, шу жумладан, “АстраЗенека” вакцинаси билан боғлиқ 486 та ҳолат қайд этганлигини айтди.

Унинг таъкидлашича, 68 ёшли аёл вакцинани қабул қилган куннинг эртасига мия қон томирида қон тромби ҳосил бўлишидан азоб чекиб, оғир аҳволга тушган.

Бошқа 63 ёшли аёл вакцинани олганидан кейин ҳарорат кўтарилган, комага тушганидан кейин вафот этган.

Эстония расмийлари “АстраЗенека” вакцинаси ва иккита хавфли ҳолат ўртасидаги боғлиқлик ҳали аниқ эмаслигини қўшимча қилди.

Вакцинани олган бир қатор одамларда томирларнинг чуқур тромбози ҳолатларини қайд этгандан сўнг, Эстония “АстраЗенека” вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишни эълон қилган Европа давлатлари қаторига кирди.

Март ойида баъзи мамлакатлар вакцина билан боғлиқлигини тасдиқламасдан, томир тромбози туфайли бир нечта ўлимни қайд этишди.

“АстраЗенека” вакцинасини қўллашни тўхтатган мамлакатлар қаторида Австрия, Дания, Норвегия, Германия, Италия, Франция, Испания ва бошқалар бор.