Фарғонадан Истанбулга дастлабки парвоз амалга оширилди

Бугун, 31 март куни Фарғона халқаро аэропортидан Туркиянинг Истанбул шаҳрига “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг HY277 рақамли рейси билан илк парвоз амалга оширилди.

Airbus A320 neo ҳаво кемаси бортида 132 нафар йўловчи соат 8:50 да Истанбулга учиб кетишди. 5 соат 40 минут давом этадиган парвоз якунида самолёт Истанбул халқаро аэропортига қўнади.

Ушбу парвозни амалга оширган самолёт бугун Туркия соати билан 14:00 да Истанбулдан қайта Фарғонага HY278 рақамли рейс билан қайтади ва соат 20:50 да Фарғона халқаро аэропортига етиб келади.

Ўз навбатида дунёнинг етакчи авиакомпанияси –“Турк ҳаво йўллари” (“Turkish Airlines”) ҳам Истанбулдан Фарғонага тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Ўтган ҳафта авиакомпаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Селим Кахриман бошчилигидаги кўп сонли турк мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳнинг Фарғона халқаро аэропортини кўздан кечириш ҳамда мавжуд инфратузилма ва хавфсизлик тизими билан жойида танишиш учун Фарғонага қилган ташрифи бу борадаги якуний қадамлардан бири бўлди.

Фарғона халқаро аэропорти Матбуот хизмати