Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постларида ортиб қолган товарлари вақтинча сақлашга юборилади

2021 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 102-сонли “Жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарларига нисбатан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. 

Низомга кўра: 

– жисмоний шахсларнинг чегара божхона постлари орқали нотижорат мақсадларда олиб кирилаётган белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлган товарлари ҳисобини юритишга мўлжалланган ахборот тизими фаолият юритишини ташкил этиш;

– товарларни ва уларга тегишли ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва қайтариш тартиби;

– вақтинча сақлаш учун қабул қилиш ва қайтариш учун қабул қилинган товарлар ҳамда уларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш;

– товарларни вақтинча сақлаганлик учун божхона йиғимини ундириш;  

– товарларни вақтинча сақлаш жойига қўйиладиган талаблар;

– вақтинча сақлаш учун қабул қилинган ҳамда белгиланган муддатлар ва тартибда талаб қилиб олинмаганлар билан иш юритиш тартиби кўзда тутилган.

Товар ва мувофиқ ҳужжатларни вақтинча сақлаш учун қабул қилиниши ҳужжатнинг автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштириш йўли билан амалга оширилади ҳамда Низомга мувофиқ белгиланган шаклда автоматик рўйхатдан ўтказилади.

Вақтинча сақлаш учун қабул қилинган товарлар ва уларнинг ҳужжатлари давлат божхона хизмати органлари томонидан кўпи билан 30 календарь кун мобайнида, тез бузиладиган товарлар эса кўпи билан 2 календарь кун мобайнида сақланади.

Товарларни сақлаш учун қуйидаги миқдорда божхона йиғими ундирилади: 

– илк 5 кунда – БҲМ нинг 5% (12 250 сўм), кейинги 10 кунда – БҲМ нинг 7% (17 250 сўм), қолган кунларда – БҲМ нинг 10% (24 500 сўм);

– тез бузиладиган товарларни сақлаш учун – БҲМ нинг 15% (36 750 сўм)

Товарларни сақлаганлик учун товарлар вақтинча сақловга олинган кундан эътиборан дар 100 кг.гача огирликка (брутто) тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган ҳар бир календарь кун учун ундирилади. 

Ҳужжат Миллий қонунчилик базасида эълон қилинган бўлиб, 27.05.2021 йилда кучга киради.