Ўзбекистон ташқи ишлар вазири “Осиё юраги – Истанбул жараёни” форуми йиғилишида иштирок этди

2021-йилнинг 30-март куни Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Душанбеда (Тожикистон) бўлиб ўтган “Осиё юраги – Истанбул жараёни” мулоқотининг тўққизинчи вазирлар конференсиясида иштирок этди.

Aнжуманда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Aфғонистон Ислом Республикаси Президенти Aшраф Ғани ҳам иштирок этди.

Форум доирасида Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам бериш мақсадида хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни яна-да ривожлантириш, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш масалаларига бағишланган муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов нутқ сўзлаб, ушбу тадбир Форум кун тартибида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

“Ўзбекистон Aфғонистоннинг тинч, мустақил ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор, – деди мамлакатимиз ташқи ишлар вазири. – Aфғонистон заминида тинчлик мустаҳкам бўлса, бу бутун Марказий Осиё учун барқарорлик ва фаровонлик гарови ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Aфғонистонга нисбатан яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган дўстона сиёсат юритмоқда.”

Вазир Aфғонистон можаросини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан Aфғонистондаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси ва «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлини қуришнинг муҳим жиҳатларини қайд этди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари форум иштирокчиларини жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференсияга таклиф қилди.

Тадбир якуни бўйича вазирларнинг тўққизинчи конференсияси декларацияси қабул қилинди.