Ўзбек-Турк ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

2021 йилнинг 9 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу билан учрашуви ҳамда икки мамлакат ТИВ раҳбарлари бошчилигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар 2020 йил февраль ойида Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг учрашув ва музокаралари чоғида эришилган келишувларни амалга ошаётганини мамнуният билан қайд этдилар.

Бўлажак қўшма тадбирларга, хусусан, олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилишига тайёргарликнинг ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

Парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

Илмий-таълим соҳасидаги шерикликни кенгайтириш масалаларига, жумладан, Ўзбекистонда Бахчешеҳир университети филиалини очиш, шунингдек Хўжа Байрам Вали номидаги университет билан биргаликда Фарғона олий туризм мактабини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Туркия томони “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция, “Шарқ тароналари”, бахшичилик санъати, ҳунармандлар халқаро фестиваллари ва бошқа тадбирларга таклиф қилинди.

Шунингдек, тадбирда халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Стратегик режалаштириш гуруҳи йиғилиши якунлангач, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Таржима хизматлари соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати