Пентагоннинг собиқ таржимони махфий маълумотларни “Ҳизбуллоҳ”га берганини тан олди

Жума куни АҚШ Адлия вазирлиги Пентагоннинг собиқ таржимони Мери Томпсон Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилотига махфий маълумотни берганига иқрор бўлганини эълон қилди.

Суд ҳужжатига кўра, Марям Таҳа Томпсон (ҳозир 63 ёшда) Эроннинг Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний 2020 йил январ ойида АҚШнинг ҳаво ҳужумида ўлдирилганидан кейин маълумот юборишни бошлаган.

Махфий маълумотларга кириш ҳуқуқини берувчи хавфсизлик рухсатномасига эга бўлган Томпсон 2019 йил декабрь ойининг ўрталаридан бошлаб 2020 йил февралида ҳибсга олингунига қадар Ироқдаги махсус операция кучлари муассасасида бўлган.

Махфий маълумотларни етказиш бошланишидан бир неча йил олдин Томпсон Ливан фуқароси билан оила аъзоларининг бирининг маслаҳати билан ижтимоий тармоқлар орқали танишган. У эркак ўзининг Ливан Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган қариндоши борлигини, шунингдек, у “Ҳизбуллоҳ” аъзолари билан алоқада бўлганлигини даъво қилган.

Томпсон ҳеч қачон бу одам билан шахсан учрашмаган бўлса-да, суд ҳужжатида айтилишича, у унга уйланиб, уни Ливанга олиб келишни истаган.

Сулаймоний ўлдирилгандан сўнг, у одам Томпсондан АҚШга Эрон раҳбарини нишонга олишга ёрдам берган инсонлар тўғрисида уларга маълумот беришни сўрай бошлаган ва Томпсон “улар” дейилганда “Ҳизбуллоҳ” назарда тутилганини билган.

Томпсон, агар у маълумотни беришдан бош тортса, ливанлик таниши билан муносабатлари тугайди ва у унга уйланмайди, деб қўрққан.

Америка Адлия вазирлиги Томпсон у одамга кўп тактикалар, техникалар ва процедуралардан ташқари камида 10 та махфий инсон ва камида 20 та Америка объектлари ҳақида маълумот берганини айтди.

Чет эл ҳукуматига миллий мудофаа маълумотларини этказиб бериш билан боғлиқ айбловни тан олганидан сўнг, Томпсон умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Ҳукм 23 июн куни чиқарилиши режалаштирилган.