Самарқандда 8 март куни Туркиянинг бош консуллиги очилади

8 март куни Самарқандда Туркия Республикасининг бош консуллиги очилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

2 март куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги бош консулхонаси раҳбари Салиҳ Жанерни қабул қилган. Учрашувда икки қардош давлатлар ўртасидаги  дўстона алоқалар сўнгги йилларда жадал ривожланиб келаётгани эътироф этилган.

Салиҳ Жанер ўзаро мақбул соҳаларда Ўзбекистон-Туркия мулоқотини янада ривожлантириш учун томонларда улкан салоҳият ва қизиқиш мавжудлигини қайд этган.

«Кўриб чиқилган деярли барча масалаларда позициялар ўхшаш. Самарқандда Туркия бош консулхонасининг очилиши ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир амалий ифодаси ҳисобланади. Бош консулхонанинг иш фаолиятида маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Юқори даражадаги меҳмондорчилик учун миннатдорчилик билдираман», деган Салиҳ Жанер.