Япония бош вазири Оқ уйда кутиб олинадиган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлади

Япония ҳукумати жума куни Токиода Бош вазир Йошихиде Суга АҚШ президенти Жо Байден билан апрель ойининг биринчи ярмида Вашингтонда учрашишини эълон қилди.

Япония ҳукумати вакили Катсунобу Като матбуот анжуманида Суга АҚШнинг янги президенти билан Оқ уйда музокаралар олиб борадиган биринчи хорижий етакчига айланишини айтди.

Икки давлат раҳбарларининг учрашуви Хитойнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги таъсири кучайиб бораётган бир пайтда бўлиб ўтади.

Ўтган якшанба куни АҚШ ОАВлари Байден президентлиги даврида кутиб оладиган биринчи чет эл раҳбари Япония бош вазири бўлиши ҳақида хабар берди.