Андижон шаҳри яқинида “Янги Андижон” турар жой массиви барпо қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 апрель куни Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.

President.uz матбуотининг маьлумотларига кўра, Тошкент шаҳрида 2021-2023 йилларда умумий қиймати 10,7 миллиард долларлик 1390 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва қарийб 98 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилда жами 4,1 миллиард доллар инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган.

Тақдимотда йил якунига қадар қиймати 30 триллион сўмдан зиёд 847 та лойиҳани амалга ошириш ва қарийб 36 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари режалаштирилган кўрсаткичлар билан чегараланмасдан, қўшимча лойиҳаларни кўпайтириш, экспорт таркибини диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Тақдимотда, шунингдек, Андижон шаҳри яқинида қурилиши режалаштирилган “Янги Андижон” турар жой массивининг бош режаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Андижон – мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган шаҳарлардан. Шаҳарнинг ўзида ривожланиш учун бўш жой йўқ.

Умумий майдони қарийб 4 минг гектар бўлган янги шаҳарнинг бош режасига кўра, у 1439 гектар турли қурилмалар, яъни уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ва 499 гектар йўллардан иборат бўлади.

Энг муҳими, бу массив аҳоли уйлари бўлмаган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган бўш майдонда барпо этилади. Турар жой массиви қурилиши натижасида 411 минг нафар аҳоли яшаши мумкин бўлган янги шаҳарча пайдо бўлади.

Президент лойиҳа билан танишиб, уй-жойларни пухта ва сифатли лойиҳалаштириш, уни амалга оширишда маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, унда имкон қадар кўпроқ яшил ҳудудлар, боғ ва хиёбонлар ташкил этилишини, аҳолининг дам олиши ва меҳнат қилиши учун қулай шароитларни назарда тутиш бўйича топшириқлар берди.