АҚШ 60 миллион доза “АстраЗенека” вакцинасини бошқа давлатларга беради

Оқ Уйнинг коронавирусга қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Энди Славитт, ушбу вакцинани экспорт қилмаслик тўғрисидаги қарор танқидларга сабаб бўлганидан сўнг, Қўшма Штатлар бир қанча давлатларга “АстраЗенека” анти-ковид вакцинасини беришини эълон қилди.

Оқ уй матбуот котиби Жейн Псаки АҚШ ҳукумати ушбу жараён ҳали тайёргарлик босқичида эканлигини ва тез орада ушбу вакциналар қайси давлатларга берилиши ҳақида батафсил маълумот беришни ваъда қилди.

Унинг сўзларига кўра, АстраЗенека дозаларини юборишдан олдин, АҚШ Дори воситалари агентлиги ушбу дозалар сифат талабларига жавоб беришини тасдиқлайди.

Вашингтон бундан олдин Мексикага 2,5 миллион доза ва Канадага 1,5 миллион доза АстраЗенека вакцинасини бериш тўғрисида келишувларни эълон қилган эди.