АҚШ Давлат котиби ва Ташқи ишлар вазирининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Жорий йилнинг 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида маълум қилинган.

Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Америка стратегик шериклигининг ҳозирги ҳолати ва уни янада чуқурлаштиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди. АҚШ томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга юқори баҳо берди. Жумладан, одам савдосига қарши курашиш ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида эришилган ютуқлар эътироф этилди.

Томонлар «С5+1» шакли доирасидаги фаол ҳамкорликни давом эттиришнинг муҳимлигини қайд этишди.

Афғонистонда можародан кейинги даврда ижтимоий-иқтисодий ҳаётни қайта тиклаш учун мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ташқи ишлар вазири Давлат котибини жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияга таклиф қилди.