АҚШнинг «Mystery Box» компанияси Ўзбекистон ҳақида фильм суратга олмоқда

Aхборот манбаларидан бирининг хабар беришича,Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг «Mystery Box» раҳбари Жейкоб Шварц билан учрашуви натижасида АҚШнинг «Mystery Box» компаниясининг суратга олиш гуруҳи Ўзбекистонга келган.

Музокарада ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида 30 дақиқалик видеоматериал тайёрлаш ва уни «iFit» спорт тизимига жойлаштириш, жорий йил июнь ойида суратга олиниши давом эттириладиган Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги фильмнинг икки дақиқали трейлерини тасвирга олиш тўғрисида келишувга эришилган.

Жейкоб Шварц АҚШ делегацияси Ўзбекистонга ташрифи чоғида «8К» форматида тасвир сифати юқори бўлган учта медиа маҳсулотни суратга олишини маълум қилди.

Биринчи материал АҚШда кенг оммалашган «iFit» замонавий пуллик спорт машғулотлари тизимига жорий қилиш учун тайёрланадиган ярим соатлик видеоролик бўлади. Ушбу қадам бир миллиондан ортиқ «iFit» фойдаланувчиларига спорт билан шуғулланиш жараёнида Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси билан танишиш имкониятини беради.

Иккинчи материални тарихий шаҳарларнинг меъморий бойликларини очиб берувчи 5-7 дақиқалик видеоролик ташкил қилади. У «YouTube»даги «Jacob + Katie Schwarz» расмий каналига жойлаштирилади.

Учинчи ижодий маҳсулот Амир Темур ҳақидаги фильмнинг икки дақиқали трейлери бўлиб, уни Netflix, Amazon, Hulu ва бошқа пуллик телевизион платформаларда жойлаштириш режалаштирилган. Америкалик актёрлар иштирокидаги мазкур фильмни суратга олиш жараёнини жорий йил июнь ойида давом этитириш режалаштирилган.