Байден ҳарбий раҳбарларнинг Афғонистондан чиқиб кетиш ҳақидаги маслаҳатига қарши чиққан

Wall Street Journal АҚШ президенти Жо Байденнинг Афғонистондан АҚШ ўз кучларини олиб чиқиб кетиш ҳақидаги қарори АҚШ ҳарбий раҳбарлари маслаҳатига зид эканлигини таъкидлади.

Газета номаълум манбаларга таяниб хабар беришича, АҚШ армияси марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет МакКензи, штаб бошлиғи генерал Марк Миллей ва Афғонистондаги НАТО миссияси қўмондони генерал Остин Скотт Миллер қўшинларни қолдиришга чақирган.

Манбаларга кўра, Мудофаа вазири Ллойд Остин ҳам АҚШ қуролли кучларининг Афғонистондан олиб чиқилишига қарши бўлган ва Байденни барча кучларнинг чиқарилиши бу мамлакатни барқарорликдан бутунлай маҳрум қилиши ҳақида огоҳлантирган.

Аввалроқ Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти (НАТО) биринчи майга қадар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилганини эълон қилди ва Қўшма Штатлар у ердан ўз кучларини 11 сентябрга қадар олиб чиқиб кетишини айтди.