Байден президентликка келганидан бери Эрдўғон билан биринчи марта телефонда гаплашди

Жума куни АҚШ президенти Жо Байден туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан қўнғироқлашди. Бу Байден президентликка келганидан бери икки раҳбар ўртасидаги биринчи телефон суҳбати.

Телефон қўнғироғидан сўнг Оқ Уй икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган мулоқотнинг умумий мавзуси ҳақида баёнот берди.

Оқ Уйнинг ёзишича, Байден Эрдўғонга кенгайтирилган ҳамкорлик ва низоларни самарали ҳал қилишни қамраб оладиган конструктив икки томонлама муносабатларга қизиқишини билдирган.

Икки давлат раҳбарлари июнь ойида бўлиб ўтадиган НАТО саммити доирасида икки томонлама учрашув ўтказишга, икки томонлама ва минтақавий муаммоларнинг тўлиқ мажмуини муҳокама қилишга келишиб олдилар.

Қўнғироқ Туркиянинг Американинг Ғ-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқиш лойиҳасидан расмий равишда чиқариб юборилиши ва Байденнинг “арман геноцидини” тан олиш нияти ҳақида гап тарқалгандан кейин эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги вақтда томонлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашган.