Беш йилга чўзилган фирибгарлик

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ўзининг расмий сайтида товламачилик юзасидан наьмуна келтириб, фуқароларни фирибгарлик қурбонига айланиб қолишдан огоҳлантирди.


Унга кўра, 2016 йилнинг март ойидан октябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида, фуқаро 46 ёшли Р.Нодир Самарқанд шаҳри “Суғдиёна” кўчасида таниши 34 ёшли Х.Зафарга ҳамкорликда бахмал матоси ишлаб чиқаришни таклиф қилиб, алдов йўли билан жами 200.000 АҚШ доллар пулларини олиб, шу кунга қадар берган ваъдасини бажармасдан пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Р.Нодирга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.


Ҳозирда мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таькидланиб, фуқаролар огоҳликка чақирилди:
“Ҳурматли фуқаролар! Бировга моддий ёки умуман бошқа ҳолатларда ишонч билдиришдан олдин чуқур ўйлаб кўринг. Фирибгарлик қурбонига айланиб қолишдан огоҳ бўлинг!”