БМТ махсус маърузачиси: Қирғизистондаги ўзбеклар ўз тилларида таълим олишсин

Қирғизистон фуқаролиги бўлмаган шахслар билан боғлиқ муаммоларни сезиларли даражада еча олган саноқли мамлакатлардан бири бўлишига қарамасдан, баъзи масалалар бу давлатда ҳали ҳамон ўз ечимини кутмоқдадир. БМТнинг кам сонли этник гуруҳларнинг масалалари бўйича махсус маърузачиси Фернанд де Варен БМТ нинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 40-сессиясида айнан шу мавзу устида атрофлича тўхталиб ўтди.

Қирғизистондаги ўзбекларнинг умумий сони расмий статистик маълумотларга кўра 964 379 нафардир. Улар билан боғлиқ муаммолардан бири эса таълим тизимидаги камчиликлардир. Масалан, давлат мактабларида ўқитиш фақат 4 тилда: қирғиз, рус, ўзбек ва тожик тилларида олиб борилади. Рус тилида 226 та, ўзбек тилида 33 та ва тожик тилида атиги 3 та мактабда дарслар юритилади ва кўриб турганингиздек, ўзбек тилидаги мактаблар сони мавжуд аҳоли сони учун жуда камдир. Ҳолбуки, ўзбеклар Қирғизистонда қирғизлардан сўнг миқдор жиҳатидан иккинчи ўринни эгаллаган миллатдир.«Расмий мақомга эга бўлган қирғиз ва рус тиллари давлат таълим тизимидан оз сонли этник гуруҳларнинг тилларини аста-секинлик билан суриб чиқарди», – деб баёнот берди махсус маърузачи. Бу миллатларнинг де Вареннинг махсус ташрифи пайтида у билан учрашган вакилларининг сўзларига қараганда, улар бу жараённи таълим тизимини  «қирғизлаштириш»  сифатида қабул қилмоқдалар.