Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сиёсий бошпана берадиган қонун муҳокамага қўйилди

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Cенаторлар томонидан маъқулланган ушбу қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, уларга сиёсий бошпана бериш, уларнинг Ўзбекистон Республикасида кириш ва чиқишлари, давлатимиз ҳудуди орқали транзит ўтишлари ва қоидаларини бузган ҳолда жавобгарлиги, республикамизда бўлиш тартиби ва муддатини қисқартириш, шунингдек ҳаракатланиши ва вақтинча яшаш жойи (доимий яшаш жойи)нинг танлаши, меҳнат фаолияти ва бошқа ҳуқуқлари батафсил белгиланган.                                                                                                    Бундан ташқари, Қонун билан меҳнат муносабатлари соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг шаффоф ва очиқ тартиби яратилади ҳамда чет эл фуқароларининг давлат хизматларидан кенг фойдаланиш имконияти берилади.