Макгрегор “Манчестер Юнайтед” клубини сотиб олмоқчилигини эълон қилди

Икки хил вазнда аралаш жанглар бўйича ММА чемпиони UFC собиқ чемпиони, ирландиялик жангчи Конор Макгрегор Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клубини сотиб олиш истагини билдирди.

Бундан олдин инглиз клубига эгалик қиладиган Глейзерлар оиласи “қизил иблислар” клубини сотиш ҳақида ўйлаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзининг шов-шувли сўзлари билан танилган ирландиялик жангчи эҳтимолий харидор сифатида пайдо бўлди ва ўзининг твиттердаги расмий аккаунтида шундай ёзди: “Салом, болалар, мен “Манчестер Юнайтед”ни сотиб олишни ўйлаяпман! Сиз нима деб ўйлайсиз?”

“Манчестер Юнайтед” Европа Суперлигасининг асосчиларидан бири бўлган, аммо мухлислар, футболчилар, мураббийлар ва ҳукуматлар томонидан эътирозлар бўрони ёғилганидан, шунингдек, “UEFA” ва “FIFA” томонидан санкциялар киритиш таҳдидидан сўнг, клуб иштирокчилар рўйхатидан чиқишини эълон қилди.

Глейзерлар “Манчестер Юнайтед”ни 2005 йилда 790 миллион фунт эвазига сотиб олишган.