Мактаб ўқувчисининг жасорати туфайли қизалоқнинг ҳаёти сақлаб қолинди

Бош прокуратура Матбуот хизмати маълум қилишича, жорий йилнинг 14 апрелъ куни Бувайда тумани ИИБ навбатчилик қисмига “Маслаҳат” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган “Ойимтарра” каналига ёш қизча номаълум аёл томонидан уриб, ташлаб юборилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур хабар асосида ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида, фуқаро М.Е. турмуш ўртоғи Б.Й. билан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган фуқаро М.Ж.дан рашк қилиб, ўч олиш мақсадида унинг 2012 йилда туғилган вояга етмаган қизи Ф.Ф.ни 14.04.2021 йилда мактабдан алдаб, “Ойимтарра” канали яқинига олиб келиб, қасддан ўлдириш мақсадида номаълум жисм билан унинг бош соҳасига уриб, каналга ташлаб юборган.

Ушбу ҳолатни кўриб қолган Бувайда туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган Ш.Янгиевнинг жасорати туфайли Ф.Ф. каналдан қутқариб олиниб, ҳаёти сақлаб қолинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бувайда туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Е.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ёш қаҳрамоннинг тақдирланиши

Мактаб ўқувчиси Ш.Янгиевнинг бу ҳаракатларини муносиб рағбатлантириш мақсадида Фарғона вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиғининг буйруқлари асосида ташаккурнома эълон қилиниб, 19 апрель куни Фарғонада ўтказилган тадбирда эсдалик совғалари топширилди ҳамда у таълим олаётган мактабга бу ҳақда тақдимнома киритилиши белгиланди.

Шунингдек, вилоят ҳудудида содир этилган жиноятларни фош этишда фаол иштирок этиб, ижтимоий бурчини намунали бажарган ва жасорат кўрсатган фуқаролар ҳамда хизматчилар ҳам муносиб тақдирландилар.