Миср элчиси Амира Фаҳмий илк элчилик фаолиятини Ўзбекистондан бошлади

Жорий йилнинг 23 апрель куни Миср Фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳмий Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиқларини топширди. Тантанали маросим якунида Dunyo АА мухбири дипломатга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилган.

Муҳтарама элчи, ўзингиз ва дипломатик фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз?
– Мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлигига 23 йил олдин ишга кирганман. Японияда ишладим, Мисрнинг БМТдаги доимий ваколатхонасининг маслаҳатчиси бўлдим. Мен у ерда Бош ассамблеянинг учинчи қўмитасига (инсон ҳуқуқлари) раҳбарлик қилдим. Сўнгги йилларда хорижий нодавлат ташкилотлар, миграция ва қочқинлар департаментини бошқардим, Вазирликнинг Африка иттифоқи ишлари бўйича бўлинмаси директорининг ўринбосари лавозимида фаолият юритдим.
Инсон ҳуқуқлари, одам савдоси, халқаро миграция ҳуқуқи, халқаро қочқинлар ҳуқуқи, низоларнинг олдини олиш ва тинчлик ўрнатиш, оммавий ахборот воситалари ва санъат, Европа хавфсизлиги масалалари бўйича касбий ҳамда илмий тажриба тажриба тўплаганман. Ташқи ишлар вазирлигига ишга киришдан олдин етакчи илмий марказларда сиёсатшунос бўлиб ишладим.
Мен биринчи марта мамлакатимнинг элчиси лавозимига киришдим. Цивилизация бешиги ва афсонавий мамлакат бўлган Миср номидан Марказий Осиёнинг гавҳари бўлган Ўзбекистонда фаолият юритиш мен учун катта шарафдир. Элчи бўлиш менинг энг катта орзуим бўлган. Кўплаб ҳамкасбларимдан фарқли ўлароқ, университетга кирган биринчи кунимданоқ келажакда ким бўлишим ҳақида аниқ тасаввурим бор эди. Бу – аёл элчи бўлиш нияти эди. Буюк хитой файласуфи Конфутсий “ўзинг ёқтирган ишни танла, ўшанда ҳаётингда бир кун ҳам ишламайсан”, деб таъкидлаган. Менинг мисолимда айнан шундай бўлаяпти: мен ишлайман ва ўз ишимни катта иштиёқ билан яхши кўраман.
Ўзбекистонга қандай режалар билан келдингиз ва мамлакатимиздан олган биринчи таассуротларингиз қандай бўлди?
– Мисрнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланишим билан хаёлимга биринчи бўлиб Тошкент халқаро кинофестивали келган. Мен кино санъатининг ашаддий мухлисасиман ва Миср вакиллари ушбу фестивалда фаол қатнашганини яхши биламан. Мамлакатимизнинг кўплаб кино юлдузлари Тошкентга келган, баъзи филмларимиз совриндор ҳам бўлган. Миср ва ливанлик муаллифларнинг Самарқанд ҳақидаги иккита қизиқарли романи Ўзбекистон жаҳон маданий мероси мамлакати экани ҳақидаги тасаввуримни бойитди. Масжидлар, миноралар, музейлар, мафтункор ва сеҳрли саройлар… Марказий Осиё гавҳари ва юрагида ишлаётганимдан жуда фахрланаман.
Тошкентга келган кунларим шаҳар замонавий, шинам, уюшган, жуда озода ва ҳатто қиш фаслида ҳам яшил кент сифатида ҳайратга солди. Ўзбекистон ўз меҳмондўстлиги билан менда катта таассурот уйғотди. Бироқ шуни тан олишим керакки, бу энди таассуротлар эмас, балки аниқ далиллар эди. Мен ўз мамлакатини фаровон қилиш ва барча соҳаларда ривожланишга интилаётган, аждодлари тарихини қадрлайдиган, гуллар, боғлар, маданият ва опера гўзаллигига меҳр қўйган кишиларни кўрдим. Бизни умумий қадриятлар бирлаштириб турибди ва мамлакатларимиз тараққиёти йўлида қатъий ҳаракат қиламиз. Биргаликда ишлаш учун чексиз имкониятлар мавжуд.
Бугун Сиз Ўзбекистон Президентига ишонч ёрлиқлари топширдингиз. Ушбу тадбирдан олган таассуротларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Зиммамга Мисрдек буюк давлатнинг вакили бўлиш, унинг манфаатларига хизмат қилиш, ўзимдан аввалги элчилар эришган ютуқларни ривожлантиришдек ниҳоятда шарафли ва муҳим вазифа, катта масъулият юкланганини жуда яхши ҳис қиламан. Бу ҳаракатлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш мақсадига йўналтирилади. Бу мен учун катта шараф. Мен Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига ишонч ёрлиқларини топширганимдан катта ҳаяжонга тушдим.
Миср Ўзбекистон билан дипломатик алоқалар ўрнатган биринчи давлатлар қаторига киради. Келаси йил январ ойида биз ушбу тарихий воқеанинг 30 йиллигини хурсандчилик билан нишонлаймиз.
Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Жаноби Олийларининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга тарихий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ажойиб муносабатларда катта силжиш бўлди. Ушбу ташриф доирасида аниқ натижаларга эришилди ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари аниқлаб олинди. Биз Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг Мисрга ташрифини орзиқиб кутаяпмиз. Бу воқеа ўзаро муносабатларимизда тарихий аҳамият касб этади.
Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида мамлакатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга бор салоҳиятимни сафарбар этишга ҳаракат қиламан.