Нидерландияда қурилаётган масжидга ўт қўйилди

Нидерландиянинг ғарбий қисмида, Гуда шаҳрида қурилаётган масжидни қирқ ёшли киши ёндириб юборган.

Нидерландиядаги Марокаш Ислом Уюшмаси вице-президенти Фарид Ҳабибий “Ал-Салам” масжидида ёнғин содир бўлганлиги, масжиднинг қурилиш ишлари якунланаётганлигини айтди.

Унинг айтишича, шанба куни тонгда масжидга ҳужум уюштирилган ва ёнғин ўз вақтида ўчирилган, ёнғин унчалик катта зарарга олиб келмаган.

Унинг сўзларига кўра, полиция ушбу ассоциациядан шикоят келиб тушганидан сўнг, воқеа юзасидан тергов ўтказган.

Нидерландия полицияси ўз баёнотида 40 ёшли одамнинг масжидга ўт қўйганини айтди.

Ҳодиса юзасидан тергов бошлангани ва воқеа жойи яқинида гумонланувчи ҳибсга олинганлиги таъкидланган.