Ўзбекистон дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтингидан жой олди

АҚШнинг “U.S. News & World Report” журнали томонидан дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтинги эълон қилинди. Улар орасидан Ўзбекистон ҳам илк бор ўрин олган.

Рейтинг тўртта ҳудуддан 17 мингдан зиёд киши ўртасида ўтказилган сўровномага асосланган бўлиб, улар дунёнинг 78 та мамлакатини 76 хил кўрсаткичлар бўйича баҳолаган.

Ўзбекистон сўров якунида 100 баллдан 3,4 балл тўплаган ва 78 та давлат ичида 73-ўринни эгаллаган. Рейтингдан МДҲ мамлакатларининг яна 5 давлати — Россия (24-ўрин), Озарбайжон (66-ўрин), Украина (71-ўрин), Қозоғистон (72-ўрин), Беларусь (75-ўрин) жой олган.

Кучли бешликка Канада, Япония, Германия, Швейцария ва Австралия кирган. Канада турмуш даражаси ва ижтимоий мақсадлар кўрсаткичи бўйича 1-ўринни эгаллаган. Экспертлар мамлакатни одамлар ривожланиши ва ўсиши мумкин бўлган барқарор, хавфсиз, очиқ, адолатли ва тенг ҳуқуқли жамият деб ҳисоблайди. Рейтингда, шунингдек, ижтимоий адолат даражаси, ирқий тенглик ва ўз фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳам ҳисобга олинган.