Ўзбекистон элчихонаси вакиллари Жоржия ва Флоридага боради: фуқароларга паспорт ва консуллик хизмати кўрсатиш бўйича учрашув ўтказилади

ҲУРМАТЛИ ВАТАНДОШЛАР!

Фуқароларга янги хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириб бериш ва бошқа консуллик хизматларини кўрсатиш мақсадида 2021 йил 15-25 апрель кунлари Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси Консуллик бўлими ходимларининг ЖОРЖИЯ ВА ФЛОРИДА штатларига ташрифлари режалаштирилмоқда.

Консуллик ходимларининг фуқаролар билан учрашувлари АТЛАНТА ВА ОРЛАНДО шаҳарларида ўтказилиши назарда тутилган.

Шу боис, мазкур консуллик учрашувларида иштирок этиш истагини билдирган фуқароларнинг сони, уларга кўрсатилиши лозим бўлган консуллик ҳаракаталари, ташриф кунлари ва дастурларини  аввалдан режалаштириш мақсадида ЖОРЖИЯ ва ФЛОРИДА штатларида яшаётган фуқароларнинг @consulwashington телеграм аккаунти орқали Консуллик бўлими билан боғланишларини сўраймиз.

(консуллик хизматлари бўйича маълумотлар билан @uzembassyus_bot орқали танишиш мумкин ҳамда хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш бўйича батафсил ҳужжатлар рўйхати қуйида илова қилинмоқда).

Ҳурмат билан,
Ўзбекистон Республикасининг Вашингтон шаҳридаги
Элчихонаси Консуллик бўлими.

Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва олиш учун тегишли талаб ва ҳужжатлар рўйхати:

I. Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришга қўйилган талаблар.

“Grin karta”, талаба, магистр, ишчи визаси ва шу каби бошқа қонуний ҳужжат асосида АҚШда яшаётган қуйидаги тоифадаги фуқароларга Элчихона томонидан хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирилади:

(1) 16 ёшга тўлмаган болалар (аввал Ўзбекистон фуқаролик паспортини олмаган болаларга ҳам хорижга чиқиш паспорти расмийлаштирилади);

(2) 16 ёшга тўлган ва амал қилиш муддати тугамаган ёки муддати ўтган 2011 йилги намунадаги биометрик ёки хорижга чиқиш паспорт эгаларига. Паспорт йўқолган бўлса, амал қилиш муддати 3 ойгача бўлган Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси берилади (фуқаро 3 ой ичида Ватанга қайтишни режалаштирган бўлса);

(3) Биометрик бўлмаган паспорт асосида Элчихонада вақтинча ёки доимий консуллик ҳисобида турган фуқаролар. Биометрик бўлмаган паспорт асосида консуллик ҳисобида турмаган фуқароларга муддати 3 ойгача бўлган Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси берилади (фуқаро 3 ой ичида Ватанга қайтишни режалаштирган бўлса);

II. Хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун керакли бўлган ҳужжатлар рўйхати:

(1) Хорижга чиқиш паспортини олиш учун аризачи ушбу сайт https://consulate.mfa.uz/passport/index орқали электрон анкета тўлдиради (анкетага аризачининг JPG форматдаги ва ҳажми 90 КБдан ошмаган расми юкланади/uploud, бошқа ҳужжатларни юклаш шарт эмас);

МУҲИМ: 16- ва 17- бандларни батафсил тўлдириш шарт, хусусан,

16-банд: охирги 5 йиллик меҳнат фаолияти (хориждаги ҳам) тўғрисида (шу жумладан,  таълим муассасаларида ўқиш ва ҳарбий хизмат) хронологик ва саналар (кун,  ой,  йил)да узилишсиз тартибда;

17-банд: яқин қариндошлар ҳақида (турмуш ўртоғи,  фарзандлари ва собиқ турмуш ўртоғи, агарда бирга фарзандлари бўлса;

(2) Консуллик рўйхатига олинганлик ҳақида аризачининг электрон почтасига юборилган бар-кодли тасдиғи (агар фуқаро аввал консуллик ҳисобига турмаган бўлса). Консуллик рўйхатида турмаган фуқаролар, хусусан, уларнинг фарзандлари ҳам ушбу сайт https://consulate.mfa.uz/kus/vindex орқали электрон анкета тўлдириш ва рўйхатга туриш лозим (анкетага қуйидагиларни юклаш/uploud қилиш лозим: аризачининг JPG форматдаги ва ҳажми 90 КБдан ошмаган расми, паспортнинг титул варағи, муддати ўтмаган “Grin karta” ёки виза ёки «F-1» ёки «I-20» ёки «I-797F» форма ёки қонуний яшашга рухсат берувчи бошқа ҳужжат, электрон анкетани тўлдириб, уни тақдим/submit қилиш лозим;

(3) Бир дона (2х2 ҳажмдаги) рангли фотосурат;

(4) Паспортнинг асли ҳамда муҳр ва белгилар қўйилган (титул, доимий рўйхат/прописка ва хорижга чиқиш стикери/ОВИР виза, консуллик рўйхати муҳри қўйилган) варақларидан нусха;

(5) Фуқаронинг АҚШда қонуний тарзда яшашини тасдиқловчи ва муддати ўтмаган ҳужжатининг асли ҳамда нусхаси (“Grin karta”, виза «F-1», «I-20», «I-797F» форма ёки қонуний яшашга рухсат берувчи бошқа ҳужжат);

(6) Ҳарбий гувоҳнома ёки ҳарбий рўйхатга олинганлик гувоҳнома ёки доимий рўйхат/прописка бўйича туман, шаҳар ёки вилоят ҳарбий ишлар бошқармаси маълумотномаси нусхаси, эркак жинсига мансуб 18-27 ёшдаги фуқаролар учун (доимий консуллик рўйхатида турадиган фуқаролардан бу ҳужжатлар талаб қилинмайди);

(7) Иш ёки ўқиш жойидан маълумотнома (16 ёшга тўлган фуқаролар учун);

(8) Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома асли ва нусхаси (16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун). Агар фарзанд АҚШда туғилган бўлса, гувоҳнома/Birth Certificate Apostil/Apostilleh муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим;

(9) Ота-она паспортининг асли ва нусхаси (16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун);

(10) Паспорт расмийлаштириш учун тўланадиган консуллик йиғимлари: 16 ёшга тўлган фуқаролар учун 170 АҚШ доллари; 16 ёшгача бўлган болалар учун $20 (консуллик йиғимлари фақат “Money Order” шаклида қабул қилинади, ота-она ва фарзандлар учун битта “Money Order” тақдим қилиш мумкин, Pay to: The Embassy of Uzbekistan in Washington DC);

(11)  18 ёшга тўлмаган болага паспорт олиш ва уни ҳамроҳлик қилиш бўйича ота-онанинг нотариал тасдиқланган розилик аризалари (мазкур аризаларни Консуллик бўлимида расмийлаштириш учун $80 миқдоридаги консуллик йиғимлари ундирилади, ушбу консуллик ҳаракати учун алоҳида “Money Order” тақдим қилиш лозим).

Ушбу ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг (консуллик ҳисобига турганлик ҳақида тасдиқни олиш, қабул куни ва вақтини белгилаш учун) аризачи @consulwashington  телеграм каналига  (2)-бандда кўрсатилган консуллик рўйхатига олинганлик ҳақида бар-кодли анкетани юбориши, консул билан боғланиши ва ҳужжатлар тайёр бўлганлигини маълум қилиши лозим.

Қўшимча маълумотлар.

(1) Қўшимча саволларга батафсил жавоб олиш учун Элчихонанинг ушбу веб саҳифасига мурожаат қилишни тавсия қиламиз https://uzbekistan.org/page/view?id=49&language=uz

(2) Аризачи расмга тушиб, бармоқ изларини топширгандан сўнг паспорт тахминан 1-1.5 ойда тайёр бўлади @consulwashington телеграм аккаунти орқали ҳужжат тайёр бўлганлик ҳақида маълумот олиш мумкин).

(3) Аризачи тайёр паспортни Элчихонага келиб, олиб кетиши ёки унга почта хизматлари орқали юборилиши мумкин (почта хизмати томонидан йўқотилган паспорт учун масъулиятни Элчихона ўз зиммасига олмайди). Бунинг учун фуқаро консул билан учрашув чоғида кафолатланган ва суғурта қилинган PRIORITY USPS ёки FedExd этикет ва конвертини тақдим қилиши лозим.

Элчихона манзили: Consular Section of the Embassy of Uzbekistan to the USA, 1746 Massachusetts Avenue, N.W. Washington DC, Zip-20036