Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Сенат мажлисида ҳисобот берди

Бугунги ўтказилган Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берилди.

Унга кўра, прокуротура органлари тамонидан коронавирус пандемияси шароитида аҳолини, шу жумладан, муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш масалаларига қаратилган муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, фаолиятнинг айрим йўналишларидаги хато ва камчиликларига ҳам алоҳида тўхталиб, улар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Жумладан оғир молиявий аҳволга тушган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси етарли даражада таъминланмагани ҳамда жорий йилнинг 1 январь ҳолатига прокурор секторларида яшовчи 21 мингта ёки 14 % муҳтож оила камбағалликдан чиқарилмаганлиги аниқланган. Умумий жиноятчилик эса 34,7 %га кўпайгани, оғир ва ўта оғир жиноятлар 49 %га ошгани шу ва яна бошқа камчиликлар хусусида музокаралар ўтказилди.

Муҳокамада сенаторлар томонидан секторларда ишларни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби янги механизмлар асосида ташкил этилиши ҳамда юритилаётган ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини доимий таҳлил қилиб, мавжуд қонун бузилишларни бартараф қилиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояси ҳамда бандлигини таъминлаш, ишсиз ёшларни тадбиркорларга бириктириш, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, муаммо, таклиф ва истакларини “маҳаллабай” ўрганиш ва криминоген вазиятдан келиб чиқиб, барча маҳалла ва туман (шаҳар)ларни “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратган ҳолда уларда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ишлари тизимли йўлга қўйиш бўйича тавсиялар билдирилди ва мазкур масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.