Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бошланди

2021 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.  

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев олиб борган мажлисда, асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид қатор низомлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида ўз олдига буюк мақсадни қўйган Янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янгича муҳитда ўтиши алоҳида таъкидланди.

Асосий тадбирлар дастурида сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ушбу жараёнда ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик жараёнини коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир низомлар қабул қилинди.

Манба: Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати