Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тиббиёт туризми ривожлантирилиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Афғонистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид Элмий билан учрашди.

Учрашувда “PrivaZorg Maastricht” компанияси директори, “Nobama care” (Нидерландия) компанияси раиси Б.Низомий ҳамда “Jawzjan Al-Hayot” касалхонаси (Афғонистон) муассиси А.Хамий ҳам иштирок этишди. Меҳмонлар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ислоҳотлар, янги йўналишлар ва туристик маҳсулотлар, “Uzbekistan SafeTravel GUARANTEED” санитария-эпидемиология хавфсизлиги тизими билан танишди.

Туризмни ривожлантириш қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, йиғилишда Ўзбекистон сайёҳлик йўналишларини диверсификация қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар муҳокама қилинган.

Томонлар юртимизда тиббиёт туризмини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида атрофлича фикр алмашди.

Хорижлик тадбиркорлар мамлакатимизнинг юксак туризм салоҳиятини инобатга олган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.

“Privazorg Maastricht” Нидерландиядаги “PrivaZorg” тиббий муассасасини қўллаб-қувватловчи минтақавий марказ бўлиб, “уйда парвариш қилиш”га ихтисослашган. Ўз навбатида, “Nobama Care” компанияси тўлиқ тиббий ёрдамга эга қариялар уйлари тармоғидир. Ҳозирги вақтда компания 4 филиалига эга бўлиб, жорий йилнинг октябрь ойида бешинчи тармоғининг очилиши кутилмоқда. Бунда, таъсисчилар ҳар бир бино учун 6 миллион евро сармоя киритган.