Ўзбекистон ва Покистон алоқаларини янада ривожлантириш бўйича кўп қиррали келишувлар амалга оширилди

Жорий йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг хабарига кўра, Кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон шериклигининг долзарб масалалари, шу жумладан конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва транзит соҳаларидаги амалий ҳамкорликни, ҳудудлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш, маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурларини илгари суриш масалалари ўрин олди.

Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари муборак Рамазон ойи бошлангани муносабати билан бир-бирини самимий табриклаб, дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Онлайн-учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги шериклик ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий вазифалари батафсил кўриб чиқилди ва биринчи галдаги чоралар белгилаб олинди. Бўлажак тадбирлар режаси келишилди.

Конструктив сиёсий мулоқотни, парламентлараро ҳамда халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Транспорт ва транзит соҳасидаги устувор лойиҳаларни илгари суриш, товар айирбошлашни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш учун қулай шароитларни яратиш учун қўшимча чоралар кўриш, жумладан, имтиёзли савдо тўғрисида битим ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш, қўшма ишбилармонлик форумларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масаласи ўрганилади.

Икки мамлакат етакчилари Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тез фурсатда ҳал этиш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Ушбу мамлакатнинг жадал иқтисодий тикланишига қаратилган саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватланди.

Учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда стандартлаштириш ва метрология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.