Ўзбекистон ва Қатар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши мумкин

uzbektourism.uz  Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов Қатар давлати авиация идоралари делегациясини қабул қилганини маьлум қилди.

Қатар делегациясининг республикага ташрифи Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ҳаво қатновига доир Ҳукуматлараро битим тузиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри йўловчи авиақатновларни йўлга қўйиш масалаларини ишлаб чиқишга қаратилган.

Учрашув аввалида Азиз Абдуҳакимов томонидан Ўзбекистон туризми соҳасини ривожлантириш, замонавий инфратузилма ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш, республикага хорижий сайёҳлар оқимини босқичма-босқич қайта тиклаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида меҳмонларга маълумот берилди.

Шунингдек, Қатар томони Ўзбекистон ҳукуматининг ҳудудий аэропортларда “очиқ осмон” режимини жорий қилиниши, хорижий авиакомпаниялар томонидан чартер рейсларини ташкил этишни рағбатлантириш мақсадида “cаsh-bаcк” механизмларини қўллаш каби авиация бозорини либераллаштириш бўйича қарорлари билан таништирилди.

Учрашув давомида Қатар фуқаро авиацияси хизмати департаменти бошлиғи Муҳаммад Фалеҳ Алхажри мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳамда бой тарихий-маданий меросга эгалиги Қатар фуқароларида юқори қизиқиш уйғотишини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, Ўзбекистон билан Қатар ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш, сайёҳлик ва ишбилармонлик алмашинувини жадаллаштирилишига хизмат қилади.

“Qatar Airways” департаменти раҳбари Салам Ал-Самаррий авиакомпаниянинг Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш ва республиканинг минтақавий аэропортларида жорий қилинган “очиқ осмон” режимидан фойдаланишга, жумладан, Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан ҳам сайёҳларни жалб қилишга юқори қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик битим лойиҳаси юзасидан мавжуд масалаларни тезкор ҳал этилиши, имзоланиши ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш, туризм соҳасида янги лойиҳаларни амалга оширишга доир мулоқотни давом эттиришга келишиб олишди.