Ўзбекистон ва Россия ўртасида меҳнат миграцияси соҳаси бўйича ҳамкорлик Меморандуми имзоланди

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациянинг Москвага ташрифи давомида Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси В.Матвиенко билан учрашуви бўлиб ўган.


Унга кўра Федерация Кенгаши Раиси Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомини олганини мамнуният билан қарши оган. Ушбу Ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон-Россия муносабатларига янгича туртки бериши таъкидланди.


Учрашув давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.


Шу нуқтаи назардан, иккинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ўтказиш муҳимлигига урғу берилди.


Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш масалалари, «Марказий Осиё мамлакатлари раҳбар аёллари билан мулоқот» платформаси фаолияти кўриб чиқилди.


Бағрикенглик масаласида Ўзбекистоннинг бой тажрибасини инобатга олган ҳолда, Россия томони 2022 йил май ойида ўтказиладиган Динлараро ва миллатлараро мулоқот бўйича Бутунжаҳон конференциясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фаол иштирок этишга таклиф қилди.


Парламент юқори палатаси раҳбари Танзила Норбоева ёшлар парламентлари орқали ҳамкорликни ривожлантириш, меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш бўйича ишларни давом эттириш ҳамда ватандошларимиз билан учрашув давомида кўтарилган бошқа масалаларни Олий Мажлис Сенати ва Федерал Мажлис Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти доирасида ҳал этиш ҳақида тўхталиб ўтди.


Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида Меморандум имзоланди.