Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Ашхободда учрашишди

Президент ахборот порталида қайд этилишича, бугун Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал маршрутининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга томонлар тайёр экани таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти Туркманистон раҳбарига унинг халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларининг навбатдаги ёрқин рамзи сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини ташкил этиш ташаббуси учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

Ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш мақсадида яқин вақтда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга қарор қилинди.