Ўзбекистондаги қуритилган мевалар Малайзияга етказилди

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Куала-Лумпур шаҳридаги элчихонаси кўмагида Малайзияга бодом, ёнғоқ, майиз, ўрик, шунингдек, анжир мураббоси ва асал етказиб берилган.

Маҳсулотлар мамлакатимизнинг «Golden Prime Food» компанияси  томонидан Малайзиянинг «Deli Fruits Trading» савдо компаниясига тақдим этилди. Коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар вақтинча тўхтатилгани сабабли юклар Куала-Лумпур шаҳрига Туркия орқали юборилган.

«Deli Fruits Trading» компанияси менежери Назатул Шиманинг таъкидлашича, ўзбек маҳсулотларининг янги жўнатмасини сотиш Куала-Лумпур шаҳри ва Жоҳор штати савдо тармоқлари орқали  амалга оширилади. “Биз май ойида ўзбек мева-сабзавотларининг навбатдаги партиясини кутаяпмиз”, деди у. Малайзиялик тадбиркор, шунингдек, Ўзбекистондан импорт қилинадиган маҳсулотлар сифати малайзиялик харидорлар талабига тўла жавоб бераётганини қайд этган.