Россиядаги ўзбек мигрантларининг муаммолари батафсил ўрганилмоқда

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маьлум қилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари яшаш ва иш шароитларини ўрганиш мақсадида айни кунларда Москва шаҳрида бўлиб турибди.

Ишчи гуруҳи ташриф доирасида “Техстрой” компанияси раҳбарияти ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари Ўзбекистондан ушбу компаниянинг қурилиш объектларига ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетган фуқаролар ётоқхонасига бориб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишди. Иш берувчилар билан мулоқот ўтказди.

Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд имконият ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари томонидан билдирилаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича иш берувчилар билан бирга ўрганишлар олиб борилмоқда.