Рўзадор саволларига жавоблар

Cавол: Рўза тутган инсонга таом олиб берса, савоби рўза тутган инсон билан бир хил бўлар экан. Бу қанчалик тўғри? Олдиндан раҳмат.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, динимизда рўзадорни ифтор қилдириш катта савоб ишлардан. Ҳатто битта хурмо, ё бир қултум сув, ё бир ҳўплам сут билан бўлса ҳам, рўзадорни ифтор қилдириш катта ажрга сабаб бўлади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

“Ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор савобича савобга эришади. Лекин рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Бугунги кунда ифторлик қилиб беришни ният қилганлар муҳтож қариндош ва қўни қўшниларига пул ёки маҳсулот шаклида ифторликни етказиб берсалар, айни муддао бўлади ва мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган савобга эришадилар.

Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу иш қанчалик савоби улуғ бўлмасин, рўзадорга ифторлик қилиб берган кишининг зиммасидан рўзани соқит қилмайди. Чунки Рамазон ойида ҳар бир соғлом мусулмон киши рўза тутишлиги фарздир. Валлоҳу аълам.

Cавол: Таровиҳнинг ҳар тўрт ракатидан сўнг бироз ўтириб, гаплашиб, кейин давом эттирса бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Таровиҳ намозининг ҳар тўрт ракатидан кейин бир оз дам олиб яна давом эттирса бўлади. Зеро, бежизга бу намознинг номини “таровиҳ” яъни, “истироҳат”, “дам олиш” деб номланмаган. Валлоҳу аълам.

Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.