Рўзадор саволларига жавоблар

Cавол: Ошқозонида яраси бор одам рўза тутиши фарзми ёки фидя бериб юрса хам буладими? Умуман олганда рўзанинг фидясини кимлар беради? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Фидя – киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир. (“Лисонул араб”).

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига  Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.

Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар. (“Баҳрур роиқ”).

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган:

وعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

яъни: “(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).

Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.

Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир  бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади. (“Раддул муҳтор”).

Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди. (“Раддул муҳтор”).

Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати.