Самарқандда Қозоғистон Бош консулхонаси очилди

Самарқандда март ойида Туркия Бош консулхонасининг расмий очилиши бўлиб ўтган эди. Кеча эса Қозоғистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Қозоғистон элчиси Дархан Сатибалди ва бошқалар иштирок этди.

Консуллик Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги инвестиция, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича вазифаларни бажаради.

Элчи Дархан Сатибалди, ўз  навбатида, Бош консулхонани очишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганлиги учун Ўзбекистон вакилларига миннатдорлик билдирди. У ваколатхонанинг очилиши ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган Қозоғистон-Ўзбекистон икки томонлама алоқаларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишини  таъкидлади.

Қозоғистон Бош консулхонаси Ялантуш Баҳодир кўчаси, 52А-уйда жойлашган. Унинг консуллик округлари сифатида Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси белгиланган.