Samsung гуруҳи раҳбарининг оиласи рекорд миқдорда мерос солиғи тўлайди

Samsung гуруҳининг марҳум раиси Ли Кун Хининг оиласи 12 триллион вон ёки 10,7 миллиард доллардан кўпроқ мерос солиғи тўлашни режалаштираётганини маълум қилди, бу мамлакат тарихидаги энг катта солиқ ҳисобланади.

Оила аъзолари вирусларга қарши кураш ва болалар ноёб касалликларини ўрганиш учун бир триллион вон хайрия қилишларини айтишди.

“Оила мерос солиғи бўйича 12 триллион вондан зиёд пул тўлашни режалаштирмоқда, бу марҳум отадан мерос бўлиб ўтган мол-мулкнинг ярмидан ошади”, дейилади Samsung оиласининг баёнотида.

Кореянинг энг бадавлат кишиси Ли ўтган йилнинг октябрь ойида вафот этди ва 22 триллион вондан ортиқ активларни, шу жумладан 19 триллионга тенг акцияларни қолдирди.

Samsung компаниясининг марҳум хўжайинидан унинг рафиқаси Хонг Ра Хи, ўғли Жи Ён ва унинг икки қизи Бо-Жин ва Су-Хён қолган.

Ли акцияларининг оила аъзоларига қандай тақсимланганлигини Samsung ошкор қилмаган. Марҳум Samsung раиси Самсунг Electronics акцияларининг 4,18 фоизига, Samsung Life Insurance суғурта компаниясининг 20,76 фоизига, Samsung C&T корпорациясининг 2,88 фоизига ва Samsung SDS корпорациясининг 0,01 фоиз акцияларига эга эди.