Туркиянинг меҳнат миграциясини ташкил этиш тажрибаси ўрганилмоқда

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маьлумотларига кўра,  Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари Туркиянинг меҳнат миграциясини ташкил этиш тажрибасини ўрганмоқда.

2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консуллик ходимлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили, Туркия ташқи ишлар, ички ишлар ва бошқа идоралари вакиллари ўртасида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувлар давомида Туркиянинг хорижда меҳнат миграциясини ташкил этиш тажрибаси, Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш имкониятларини ўрганиш, яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олиш ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Туркияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Учрашувларда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.