Усмонли Туркларнинг Болқон ярим оролидаги бағрикенглик сиёсати

Усмонли туркларнинг Болқон мамлакатларидаги бағрикенглик сиёсати у ердаги барча инсонларга, миллати ва динидан қатъий назар хушмуомала ва инсонийликка асосланган эди. Янги фатҳ қилинган ерларнинг маҳаллий халқларига яхши муносабатда бўлиш, уларни ички ва ташқи душманларидан қўриқлаш, ўз динларига эркин эътиқод қилиш ҳуқуқини кафолатлаш, солиқ масалаларида имтиёзлар бериш бу сиёсатнинг тамаллари сифатида қабул қилинган эди.  Қуръони Каримнинг Тавба сурасининг 60-оятида “муаллафат-ул қулуб” шаклида ифода қилинган бағрикенглик ва хушмомалалик сиёсати фикримизча, Усмонли туркларининг ўз давлатлари сарҳадларини кенгайтиришга катта ёрдам берган омиллардан биридир.

Бу таомилни Салжуқли туркларидан маънавий мерос сифатида олган Усмонли Беклиги шу стратегиядан фойдаланиб, Битиния (ҳозирги Туркиянинг шимоли-ғарбида жойлашган тарихий Вифиния қироллиги ) қироллиги ва кейинчалик бутун Византия билан ҳар томонлама алоқаларни йўлга қўйиб олади. Уларнинг бу сиёсатини умумий бағрикенглик принциплари билан изоҳлаган баъзи ғарб тарихчиларининг фикрига кўра, Болқон ярим оролидаги турк фатҳларининг натижасида арнавутлар (албанлар) Византия ва Серб князликларининг исканжасидан, ассимиляциясидан ва Серб черковининг минтақада ҳоким бўлишидан қутулиб оладилар.

Турклар христиан ва бошқа дин вакилларининг ўз армияларида хизмат қилишларига ва мусулмонлар билан бир хил миқдордаги маош олишларига, давлатнинг юқори мансабларини эгаллашларига асло тўсқинлик қилмаганлар.

Селаник (Юнонистон )нинг 1430 йили турклар тарафидан эгалланиб олишига гувоҳ бўлган роҳиб Анагнотис ҳам ўз хотираларида Венеция графлигининг босқинидан қийналиб кетган маҳаллий халқнинг туркларни қутқарувчилар сифатида қучоқ очиб кутиб олганини ёзади. У айниқса султон Мурод II нинг асир тушган зодагонларнинг фидясини шахсан тўлаганини ва диний масалаларда ҳақиқий эркинлик эълон қилганини ҳайрат билан тилга олиб ўтади. Турклар бу таомилга нафақат фатҳлар жараёнида, балки кундалик ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида ҳам амал қилади. Мажар (венгр)  тарихчиси Лайос Фекете турк ҳокимиятига ўтган Мажаристондаги иқтисодий ҳаёт билан боғлиқ фактларни ёзиш жараёнида Усмонлиларнинг дин ва тилдан қатъий назар барчага яхши муносабатда бўлганини, бозорларда чўчқа гўшти сотган қассобнинг ёнгинасида ҳалол гўшт сотган турк қассобнинг савдо қилганини, майхоналарнинг ёнида эса айрон сотилган дўконларнинг жойлашганини тилга олиб ўтади. Турклар ҳеч қачон мажарларни мусулмон бўлишга мажбур қилмаганлар, христиан ва яҳудийлар билан бир маҳаллада яшашдан ҳазар қилмаганлар. Баъзан маҳаллий савдогарлардан адолатсиз равишда кўпроқ солиқ олинса, шикоят қилганнинг аризаси ёки оғзаки шикояти дарҳол кўриб чиқилган ва тегишли фармон эълон қилинган. Давлат бу шикоятларга асосланиб текширувчиларни воқеа содир бўлган ерларга зудлик билан жўнатган ва зулмнинг, адолатсизликнинг олдини олишга ҳаракат қилган. Бу хусуста XIX асрда Болгариядан Россия империясига сургун қилинган  болгарларнинг шикоятлари билан боғлиқ ҳолда эълон қилинган султон Маҳмуд II нинг формони замонавий тадқиқотчиларнинг диққатини жалб қилмоқдадир.