Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси қайта ташкил этилди

“Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (210-сон, 14.04.2021 й.) қабул қилинди. Бу ҳақида Ҳуқуқий ахборот портали хабар берган.

Қарорга кўра Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси қайта ташкил этилди.

Унга мувофиқ Жамғарма:

1) оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб беради;

2) хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашади;

3) хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағларини белгиланган тартибда жойлаштиради;

4) хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашади.