Японияда сакуранинг 1200 йил ичида энг эрта гуллаши қайд этилди

Баҳорда Япония эсланса, хаёлингизга машҳур сакура гуллари келади. Япон гилоси сакура оқ ва пушти гуллайди. Баҳорда Япония шаҳарлари ва тоғлари бўйлаб гуллаган сакуралар гўзал манзара ҳосил қилади.

Бир неча кун давом этадиган сакуранинг қийғос гуллаш вақти Японияда минг йилдан ошиқ вақтдан бери алоҳида, байрамона руҳда кутиб олинади. Одамлар мазкур гулларни томоша қилишни байрамдек кутиб оладилар. Машҳур жойларда ушбу дарахт тагида ёки шохлари ёнида суратга тушиш учун йиғилишади.

Аммо бу йил гилоснинг гуллаш мавсуми кўз очиб юмгунча ўтиб кетди ва дарахтнинг жуда эрта гуллагани кузатилди. Олимлар бу ҳар қандай жойда экотизимга таҳдид соладиган катта иқлим инқирозининг аломати деб огоҳлантирмоқдалар.

Осака префектураси университети тадқиқотчиси Ясуюки Аоно Киотодан 812 йилгача бўлган тарихий ҳужжатлар ва кундаликлар қўлёзмаларини йиғди. Киото марказий шаҳрида гилос 26 мартда гуллади, бу 1200 йилдан кўпроқ вақт ичида энг эрта гуллашдир, деди Аоно.