Яқин кунларда Фарғона йўлларини электромопедлар эгаллайди

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси маълум қилишича, айни кунларда Фарғона йўлларида ихчам, кўркам электромопедларни учратиш мумкин бўлади. Бошқаришга қулай мазкур уловнинг эҳтиёт қисмлари Хитойдан келтирилиб, Риштондаги “Start-Мах” масъулияти чекланган жамиятида фойдаланиш учун тайёр ҳолга келтирилмоқда. Таъкидланишича, мини, классик, хай-тек каби тўққиз хилдаги электромопеднинг бугун Фарғона вилояти бўйича бозори чаққон. 30 чоғли ишчининг қўли-қўлига тегмайди. Ҳозиргача ана шундай электромопедларнинг 300 га яқини савдога чиқарилган. Корхона раҳбари Саидаҳмад Акбаров: “Риштонда кулолчилик ривожланган. Деярли ҳар бир оиланинг кулолчилик буюмларини савдо дўконларига сифатли ва тез етказиб беришда мана бундай электромопедларга эҳтиёжи бор. Унинг қулайлиги шундаки, 3 минг сўмлик электр токи билан 70-80 км масофани босиб ўтиш мумкин. Икки кишига мўлжалланган электромопедлар люк, вентилятор, магнитофон билан жиҳозланган бўлиб, ҳайдовчига енгиллик яратади. Нархи аккумуляторининг сонига қараб 12 миллиондан 20 миллионгача бориши мумкин”, – дея маьлумот берди.  

“Тўда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қамбарали Мелибоев унга қўшимча сифатида: “Электромопедларнинг ишлаб чиқарилиши нафақат эҳтиёжмандлар, балки маҳалламиздаги ишсизлар учун ҳам жуда ажойиб имконият бўлди. Ҳозирда шу иш билан 30 нафар фуқаромиз банд. Тадбиркорга ҳозир жой масаласи муаммо бўлиб турибди. Агар шу муаммо ҳал этилса, Саидаҳмад Акбаров яна 100 та ишчи ўрни яратиш ниятида. Кейинчалик корхонада электромопедлар нафақат йиғилади, балки ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган”,- дея таькидлади.