Юртдошимиз қутқарган япон ўспирини Тик-ток видео учун ўзини денгизга ташлаган экан

Япония ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида катта шов-шувга сабаб бўлган хабарда, Японияда таҳсил олаётган юртдошимиз Элдор Ўринбоев денгизда чўкиб кетаётган япон ўспиринининг ҳаётини сақлаб қолгани маълум қилинган эди. Кун қаҳрамонига айланган ватандошимиз Элдор Ўринбоев билан ўтказилган суҳбатда, чўкаётган япон боласи тик-токер экани маълум бўлди. Элдорнинг сўзларига кўра, япон боласи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига видео тасвир қўйиш мақсадида денгизга ўзини отган экан. Лекин, денгиз сувининг совуқлиги ва сузиш қийинлиги учун вазиятни бошқара олмаган.

Жиззах вилоятида 2000 йилда туғилган, Окинава префектурасидаги Гинован шаҳрининг тил мактабида таҳсил олаётган Элдор Ўринбоев тенгдошларига, ижтимоий тармоқларда лайк тўплаш учун ўз ҳаётини хавфга қўйиб, бундай ишларни қилмаслигини маслаҳат берди ва бу каби нохуш воқеалардан, айниқса, ота-оналар қаттиқ жабр кўришларини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, қаҳрамонимиз Японияда ўқишни давом эттириб туризм соҳасида етук мутахассис бўлишни орзу қилаётганини ва келажакда ушбу йўналишда Ўзбекистон ва Япония алоқаларининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистон эчихонаси маълумотига кўра, ушбу воқеа ҳақида хабар тезлик билан бутун Япония бўйлаб тарқалди. Япониялик кўплаб кишилар ижтимоий тармоқларда юртдошимизнинг қаҳрамонлигини эътироф этиб, ўз миннатдорлигини изҳор қилган.